2018-04-16 14:08:00

НАВОИЙЛИК ФЕРМЕР ҚУЁН БОҚИБ, ТЕЗ БОЙИШ СИРИНИ АЙТДИ

Кармана туманидаги “Қўрғон дала” агрофирмасида Италиядан келтирилган наслли “оқ великан” зотли қуёнлар парваришланмоқда.

Хўш ушбу қуёнларнинг маҳаллий зотли  қуёнлардан фарқи нимада? Бу  ҳақда фермер Алишер Қобилов шундай дейди:

—  Бундай қуёнлар ҳар  28 кунда 15 тагача кўпайиши  билан аҳамиятли, ҳар бири 10-15 килограммгача тош  босиб, йил давомида 15 мартагача болалайди.Ўтган йили хўжалигимизга олиб келинган 100 дона она қуён ва 4 дона эркак қуён қисқа вақт ичида 2 мингтага етди.  Яқин кунларда бу кўрсаткични 5000 тага етказмоқчимиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади.

Бошқа сут эмизувчи ҳайвонларга нисбатан товушқонлар оиласига мансуб бу қуёнлар тез етилувчанлиги, сер-пуштлиги, жадал ўсиши ва кам харажатлиги билан ажралиб туради. Бу зотдор қуёнлар кунига бир марта таркибида 20 хил витамини бор бўлган махсус озуқа билан парваришланади.Уларга маҳаллий шароитга мослашгунга қадар ҳўл мевалар ҳам бериш тақиқланади. Чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўштини етиштириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки унинг гўшти парҳезбоп ҳисобланиб, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги билан аҳамиятли. Шунинг учун шифокорлар томонидан ҳафтада бир маротаба болалар таомномасига қуён гўштини ҳам киритиш тавсия этилади.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”