2018-04-16 16:06:00

МАҲАЛЛАДА ЭНДИ КУТУБХОНА БОР

Болаларни китобга ошно қилиш, китоб мутолаасини улар орасида ташкил этиш бугунги кунимизнинг энг муҳим долзарб вазифаларига айланиб бормоқда.

Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман кенгаши, Шофиркон тумани Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши раиси ўринбосари, туман депутати  Ҳамрогул Ашурова ташаббуси билан тумандаги “Хўжа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида янги кутубхона ташкил этилди. Ушбу кутубхонада маҳалла ёшлари учун 100 дан ортиқ бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Ташкил этилган янги кутубхонада Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам”, Ўлмас Умарбековнинг “Менинг ўғил бола жияним”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Жаннати одамлар”, “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими”, “Омонбой билан Давронбой”, Даниел Дефонинг “Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари”, Пиримқул Қодировнинг “Илинж” сингари кўплаб адабиётларини ўқиш мақсадида маҳалла ёшлари келиб, ўзларининг маънавий дунёқарашларини бойитишди.

Маҳалла ёшлари билан суҳбат қилар эканмиз, уларнинг ҳаммаси хурсанд. Ҳатто эндигина ёзишни, ўқишни  ўрганган биринчи синф болалари ҳам қизиқиб, адабиётларни варақлашмоқда. Ўзаро билим ва тафаккурни бойитиш мақсадида опа-акалари билан фикр алмашмоқда.

Малика Наимова, тумандаги 1-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси:

  • Мен она тили ва адабиёт фанига жуда кизиқаман. Маҳалламизда ташкил этилган кутубхонада бўлиб, ўзим қизиққан барча китобларни кўрдим. Худойберди Тўхтабоевнинг асарларини ўқув дарсликларидан ўқиган бўлсам-да, маҳалла кутубхонасидан ёзувчи қаламига мансуб жуда кўп адабиётлар билан танишдим. Шунингдек, жаҳон адабиётининг борлиги ҳам мен сингари барча ёшларни хурсанд қилди. Қисқа фурсат ичида барча адабиётлар ўз эгаларини топишди.

Кутубхонага масъул қилиб бириктирилган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Сурайё Рўзиева китобхонларга китобларни севиб ўқиш, уларни келажак авлод эгалари учун эҳтиёт қилиш, ўзаро китобхонлик билимини бойитиб бориш мақсадида фикр алмашиш борасида ўз тавсияларини бериб бормоқда.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекис тон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби