2018-04-16 16:13:00

“ЁШЛИК БАҲОРИ” ЁШ ОПЕРА ИЖРОЧИЛАРИНИНГ КЎРИК-ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Тошкентда “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳамда якуний гала концерт бўлиб ўтди.

Фестиваль ғолибларини Маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва Ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ артисти Р.Усманов тақдирлаб, бу йилги саралаш босқичида юксак истеъдодга эга бўлган ёш ижрочилар сони ҳар йилгидан кўпайганлиги сабаб уларни саралаш жараёни бир мунча қийинчилик туғдирганини ҳам таъкидлашди. Фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар янада кўпроқ изланиб, ўз устида ишлаб мамлакатимиз опера санъатини дунё саҳналарида тараннум этишга ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдиришди.

Ғолиб ва совриндорлар Маданият вазирлигининг диплом, фаҳрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўрик фестивалнинг фахрли 1-ўринига:

Раҳмонов Дамир Уктамович (эркин ижодкор);

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Муҳаммадиев Камолиддин Фахриддин ўғли;

2-ўринга:

Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри опера солисти Абдураҳимов Султонбек Шокиржон ўғли,

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Содиқова Ҳилола Салоҳиддин қизи;

3-ўринга:

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Жуманиязов Аминзода Ғайратович,

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Шерманов Сапарбай Насирович лойиқ деб топилди.

Шунингдек, фестивалнинг “Ёш ва умидли опера ижрочиси” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейи ўқувчиси Закирова Ленара Рафаелевна, “Кўрик-фестивалнинг энг яхши жўрнавози” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси концертмейстери Тернових Ольга Константиновна ғолиб деб топилди.

Андижон санъат коллежи ўқувчиси Абдурашитова Ҳуснидахон Анваржон қизи, Самарқанд санъат коллежи ўқитувчиси Волф Азиз Ҳайдарович, Бухоро санъат коллежи ўқувчиси Садиллоев Ҳусниддин Иззатбек ўғли, Термиз санъат коллежи ўқувчиси Эргашев Суюнбек Жуманазар ўғли, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Алиева Розия Муродали қизи эса фестивалдаги фаол иштироклари учун фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

Шундан сўнг, йиғилганлар учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг устоз санъаткорлари, етук опера ижрочилари ҳамда кўрик-фестиваль ғолиблари иштирокидаги гала концерт намойиш этилди.

 “Туркистон-пресс”