2018-04-17 10:17:00

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ВА НОГИРОНЛАРИГА 5 000 000 СЎМ МИҚДОРИДА ПУЛ МУКОФОТИ БЕРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 апрелида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга кўра, мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти белгиланган бўлиб, ушбу пул мукофоти ўз эгаларига тантанали ва байрамона вазиятда топширилади.

Фармонда таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказиши белгиланган.

“Туркистон-пресс”