2018-04-17 10:44:22

ДЗЮДОЧИЛАРИМИЗ ОСИЁ КУБОГИНИ УМУМЖАМОА ҲИСОБИДА БИРИНЧИ ЎРИНДА ЯКУНЛАДИ

Пойтахтимизда дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган Осиё очиқ кубоги якунланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Дунёнинг 11 мамлакатидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этган мусобақада ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар. 

Мусобақа якунларига кўра, умумжамоа  ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси 14 та олтин, 13 та кумуш ва 21 та бронза медаллари билан биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Тожикистондан ташриф буюрган спортчилар (1та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза) эгаллашди. Учинчи ўрин Қирғизистон (1 та олтин, 3 та бронза) терма жамоаси аъзоларига насиб қилди.

“Туркистон-пресс”