2018-04-17 10:53:00

ИННОВАЦИОН ОЛИМПИАДАДА БИЛИМЛИЛАР КУЧ СИНАШДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилда илк маротаба ташкил этилган инновацион олипиада 8-,9-,10-синфлар ўртасида 7 та фан бўйича ташкил этилди.

Мазкур олимпиаданинг республика босқичи жорий йилнинг 13-15 апрель кунлари Нукус, Қарши, Урганч, Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Тошкент шаҳарларида ўтказилди.

Мазкур олимпиада 3 босқичда ташкил этилиб, 1-босқичида 118 241 нафар,  2-босқичда  4 179 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар орасида энг билимли деб топилган 516 нафари республика босқичига йўлланма олди.

Республика босқичида тасвирий санъат фанидан 28 нафар, физика фанидан  56 нафар, математика фанидан 179 нафар, тарих фанидан 73 нафар, информатика ва ахборот технологиялари фанидан 60 нафар, биология фанидан 60 нафар, кимё фанидан 60 нафар ўқувчилар республика босқичида ўзаро беллашдилар.

Олимпиадада 8-9-10-синф ўқувчилари учун алоҳида ўринлар белгиланди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

– Биология фанидан ўз билимимни синаб кўрдим, – дейди Чилонзор туманидаги 195-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Азиза Шоумарова. – Биринчи ўринни эгаллаш осон бўлмади. Рақиблар ҳам билимли, юксак салоҳиятли, кучли тайёргарликка эга экан. Англадимки, бундан буён ўз устимда янаям кўпроқ ишлашим керак.

“Туркистон-пресс”