2018-04-17 10:58:17

“НАВБАҲОР” ВА “БУНЁДКОР” БАҲСИ ОЛДИДАН МУХЛИСЛАРГА 22 МИНГТА ФУТБОЛКА ТАРҚАТИЛАДИ

16 апрель куни Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳнинг анжуманлар залида йиғилиш бўлиб ўтди.Бу ҳақда ЎзФА расмий сайти хабар берди.

Наманган вилоят ҳокими, Наманган вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Бозоров раҳбарлигида ва клубга тегишли бўлган мутасаддилар, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар иштирокида ўтган йиғилишда жорий мавсумда жамоанинг олдига улкан мақсадлар қўйилганлиги, “Навбаҳор” Юртбошимиз ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганлиги, “Марказий” ўйингоҳнинг томошабинлар сиғимини кенгайтириш ёки Наманганда яна бир янги стадион барпо этиш режаси борлиги таъкидланди.   

Йиғилиш  сўнгида ташкилий масала кўрилди. Шу кунгача “Навбаҳор” директори лавозимида фаолият юритган Акрамжон Дедабаев ўрнига Бахтиёр Бобоев тайинланди.

Дарвоқе, клуб томонидан Суперлиганинг навбатдаги тури —“Бунёдкор”га қарши ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрилаётганлигини ҳам айтиш жоиз.Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўз клубининг ашаддий мухлисларига футболга бўлган меҳри сабабли совға сифатида 22 минг дона футболкалар тақдим этилган.

Демак, 20 апрель куни соат 18:00 да Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда Суперлига 7-туридан ўрин олган “Навбаҳор” — “Бунёдкор” жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувга ташриф буюрган ҳар бир жонкуяр футбол мухлисларига мазкур футболкалар бепул тарқатилади. 

“Туркистон-пресс”