2018-04-17 11:07:08

ОҲАНГАРОНДА “ИЛОҚ” ЭТНОГРАФИК ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Оҳангарон тумани Шовғоз қишлоғида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди, ЎзМТДП вилоят кенгаши, вилоят маданият бошқармаси, “Ҳунарманд уюшмаси” вилоят бошқармаси, Халқаро “Амир Темур” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Оҳангарон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Илоқ” этнографик фестивали ўтказилди.

Фестиваль карнай-сурнай садолари билан бошланди ва меҳмонларни асрлар билан бўйлашган кенгликлар сари чорлади.

Тадбир доирасида Республика қўғирчоқ театри “Карвонсарой” томошаси, бадиий жамоалар ва дорбозлар ижодий гуруҳларнинг чиқишлари намойиш этилди.

Шунингдек, фестиваль давомида оҳангаронликлар ва меҳмонлар ўрта асрлар давлатчилик тарихини акс эттирувчи нодир манбаалардан хабардор бўлдилар.

Илоқ (ҳозирги Оҳангарон тумани Шовғоз қишлоғи ҳудудларига тўғри келади) Тошкент воҳасининг катта қисмини эгаллаган жануби-шарқийҳудуд ҳисобланади..

Мутахассислар бу жойларнинг ўрта асрларда ҳам мавжуд бўлгани, “Илоқ” сўзи туркий тилдан олинган бўлиб, “Айлоқ”, дея юритилганини эътироф этишди.

Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари ўртасида жойлашган бу ҳудудда XIV-XI асрларда шаҳар маданияти юксак даражада ривожланган.

Ўша даврларда Мовароуннаҳрда олтин тангалар фақатгина Илоқ ва Самарқандда зарб этилгани ҳақида маълумотлар бор. Аҳолиси шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, дурадгорлик, шоличилик билан Шарқда шуҳрат қозонган.

Анъанавий тарзда бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган “Илоқ” фестивалининг ҳам айни вақтда дунё илмий жамоатчилиги, сайёҳларнинг эътиборини тортаётганининг асл сабаби шунда бўлса керак. Таклиф қилинган ўнлаб хорижлик сайёҳлар тарихнинг ёрқин саҳифаларини оралаган ушбу ҳудуднинг ҳар қаричи мозийдан сўзлашига гувоҳ бўлишди.

“Туркистон-пресс”