2018-04-17 14:15:07

МТМДАГИ ИМКОНИЯТЛАРДАН САМАРАСИЗ ФОЙДАЛАНАЁТГАНЛАР

Ҳар бир фарзанднинг мукаммал билим эгаси бўлиши, баркамол авлод бўлиб улғайишида, албатта, бошланғич таълимнинг ўрни беқиёс. Бугунги кунда давлатимиз томонидан ана шу бошланғич таълим — мактабгача таълим муассасаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Ҳатто энг чекка ҳудудларда янги ва замонавий МТМларни қуриш, уларни таъмирлаш, жиҳозлар, ўқув машғулотларида фойдаланиладиган кўргазмали қуроллар билан таъминлаш ишлари алоҳида эътиборга олинмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида депутатлар, партия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда бўлиб, МТМлар фаолияти, кадрлар салоҳияти билан танишиб бормоқда. Партиянинг Бухоро шаҳар кенгаши ходимлари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари сафида бўлиб,  Бухоро шаҳридаги 78-,79-,86,87-мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, ижтимоий аҳвол, кадрлар салоҳиятини кўрар эканмиз, очиғи, ушбу бошланғич таълим масканлари тўғрисидаги  ижобий фикрга эга бўла олмадик. Жумладан, 78-мактабгача таълим муассасасининг аҳволи талаб даражасида эмас, санитария-гигиена ҳолатларига риоя этилмай келмоқда, МТМ ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотларининг заҳираси ва сақланиши салбий ҳолатларни кўрсатиб  турибди. Тушликда болажонлар учун пиширилган таомлар меъёр даражасида эмас, бу ҳолни қандай баҳолаш мумкин? Ахир овқатдан заҳарланиш қанчадан қанча фарзандларнинг ҳаётига таъсир қилишини барча МТМ ходимлари билса-да, бунга эътиборсизларча қараб келишмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари кадрлар салоҳияти билан ҳам танишишди. Билим савияси ўртача даражада деб баҳоланар экан, машғулотлар ўтишда кўргазмали қуроллардан фойдаланилмай келаётганлиги, машғулотлар жадвалининг ўзи йўқлиги машғулотлар ўтиш сифатини пасайтириши табиий ҳолдир. Ўз-ўзидан маълумки, ушбу МТМда мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати ҳам ижобийликни кўрсатмайди.  Натижада бола қандай тарбияланади, қандай билим олади, буниси бизга қоронғу.

Шаҳардаги 79-МТМ ҳолатини ҳам жуда яхши деб баҳолай олмаймиз. Гарчанд машғулотлар жадвали мавжуд бўлса-да, тарбияланувчиларнинг билим савияси қониқарсиз, буни эса тарбиячилар томонидан машғулотларнинг ташкил этилмаётганлигининг натижаси деб баҳолаш мумкин. МТМда ҳеч қандай тўгарак фаолият юритмаяпти.

МТМнинг ижтимоий аҳволи ўрганилганида омборхона, ошхона, тиббиёт хонаси ва гуруҳларнинг барчаси талаб даражасида эмас, атрофи ўралмаган, машғулотлар жадвалининг мавжудлиги эса қониқарсиз дея баҳоланди.

86-мактабгача таълим муассасасининг ижтимоий аҳволини юқоридаги 2 МТМлардан “ортда қолмаган” ҳолда баҳолаш мумкин. 2 та тилда (рус ва ўзбек) тарбияланаётган болажонлар учун яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланмай келаётган тарбиячиларнинг билим даражаси паст. Машғулотлар жадвали ва уларнинг ўтиш сифати яхши эмас. Бу ҳолат эса улар фаолиятини ижобий деб баҳолай олишимизда тўсқинлик қилиб келмоқда.

Бухоро шаҳар 79-сон МТМ тарбиячилари, жисмоний тарбия  ўқитувчиси Фарангиз Ҳусенова, 11-сонли мактабгача тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Дилобар Тўхтаева, 78-МТМ тарбиячиси Алеся Собирова, 86-МТМ тарбиячиси Машҳура Атоева, Нилуфар Набиева, 78-МТМ тарбиячиси Дилбар Файзуллаевалар билан суҳбатлашганимизда уларнинг олиб бораётган фаолияти депутатларни умуман қониқтирмади. Ойлик ва ҳафталик иш режалари қониқарсиз аҳволда. Таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялардан фойдаланасизми?, деган саволга бирор бир тарбиячи аниқ жавоб бера олмади. Фақатгина лой, пластилин, қоғоз қийқимларидан фойдаланамиз, деб жавоб беришди. Энди айтингчи, 3 ёшида компьютер қаршисида ўтириб, турли мураккаб ўйинларни бажараётган, энг сўнгги телефон аппаратларидан ҳам бемалол фойдалана олаётган болани қоғоз қийқимлари ёки пластилин билан қизиқтириб бўлармикан?

Ҳатто яқиндагина малакасини ошириб келган психологлар ҳам юқоридаги саволларга жавоб бера олмай қийналиб қолишди. Суҳбатга тортилган МТМ ҳамширалари эса болаларни антропометрик ўлчовлари ҳақида умуман бирор бир маълумотга эга ҳам эмаслар.

Кунлик иш режасига “Қурилишга бориб қурувчилик касби билан танишиш”, “Озиқ-овқат дўконларига бориб, сотувчилик касби билан танишиш”, “Сайрга чиқиб, табиат билан танишиш”, деган мавзулар киритилганига қарамасдан, бирор бир тарбиячи болаларни бу мавзуларни ўтиш учун кўчага олиб чиқмаган. Хўш, кун давомида хона ичида ўтирган бола ҳаётий тажрибани қаердан ва кимдан ўргансин? Ахир инсон ҳаёти давомида олган тажрибасининг 60 фоизини олти ёшигача олишидан бу тарбиячиларнинг хабари йўқми?

Биз МТМ мудираларига партия лойиҳасининг асл мақсади ҳақида маълумот берган бўлишимизга қарамасдан “МТМ фаолиятини яхшилаш учун яна нималар зарур деб ўйлайсиз?”, деб сўраганимизда, барчалари бир овоздан газ плитаси, музлаткич, мебель жиҳозлари керак дейишди. Аммо бирор бир мудира проекторлар, компьютерлар, таълим-тарбия беришнинг замонавий технологиялари кераклиги  ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади.

Ўрганиб чиқилган МТМларнинг бирортасида қисқа гуруҳлар ташкил этилмаган. Нега деган саволимизга мудиралар уялмай-нетмай “Атрофдаги умумтаълим мактаблари қисқа гуруҳлар очиб олишган. Ота-оналар фарзандларини мактабдаги қисқа гуруҳларга беришмоқда”, деб жавоб беришди. МТМларда қисқа гуруҳлар очиш лозимлиги Фармон билан белгилаб берилганига қарамасдан мудираларимиз оғзиларидаги ошни бошқаларга бериб, кабинетларидаги мебелларни қўриқлаб ўтиришибди.               

Мудираларнинг Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан мамлакатимизда мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича 6100 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш,белгиланганидан хабарлари йўқ, шекилли.  

Тўғри, МТМ ходимларининг баъзилари “Танқид қилиш жуда осон” деб бизга нисбатан билдирган фикрлари, турли баҳоналар билан оқлашларига жавобан айта олишимиз мумкин — танқид келажак меваси, Президентимиз томонидан яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланилса албатта, ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди, шунингдек, МТМ тарбияланувчилари ҳам сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлади.

 

Дилбар ҲАМДАМОВА,

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар

 Кенгаши депутати.