2018-04-18 12:52:49

ТЕҲРОНДА ЎЗБЕКИСТОН — ЭРОН ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯСИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилади Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Эрон пойтахтида «Ўзсаноатэкспорт» компаниясининг Ўзбек-Эрон савдо уйи очилди, бизнес форум ўтказилди. Форум якунлари бўйича тўқимачилик маҳсулотлари, дуккакли экинлар, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эрон Савдо-саноат палаталари иштирокида Ўзбек-Эрон ишбилармонлик кенгашини ташкил этишга ҳам келишиб олди. Ушбу кенгаш ҳар икки давлатнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, улар фаолиятидаги молиявий ва юридик масалаларни ҳал этишга ёрдамлашиш каби вазифаларни бажаради.

Йиғилиш иштирокчилари «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон», «Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» транспорт йўлаклари ҳамда Трансафғон коридорини ишга туширишни тезлаштириш бўйича масалаларни кўриб чиқди. Эрон томони «Мозори Шариф-Ҳирот» темир йўл линияси қурилишининг давоми ҳисобланган «Хаф-Ҳирот» темир йўли қурилишини якунлаш учун барча чораларни кўришини маълум қилди. Ушбу темир йўл линияси минтақа мамлакатлари ўртасидаги товарлар ташиш ҳажмларини сезиларли даражада ошириб, нарх ва етказиб бериш муддатларини камайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Эрон бир қатор товарларга нисбатан имтиёзли божхона режими тўғрисидаги келишувни имзолашни ҳам режалаштирмоқда. Ҳар бир томондан чекланган товар позицияларига нисбатан имтиёзли божхона режимини тақдим этиш тўғрисидаги икки томонлама савдо битими лойиҳаси кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари ҳужжат лойиҳасига киритиш учун товарлар рўйхатини шакллантириш ҳамда келгуси йиғилишни Тошкентда ўтказишга келишиб олди.

 

“Туркистон-пресс”