2018-04-18 16:16:23

АФҒОНИСТОН НАШРИЁТИ БОБУР ВА НАВОИЙ ТЎҒРИСИДА

Афғонистонда чоп этиладиган «Кенгаш» газетасининг 5-сонида «Бобур комил инсон эди» ва «Алишер Навоийнинг усмонли турк шоирларига таъсири» сарлавҳалари остида мақолалар эълон қилинди.Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар бермоқда.

Муаллифлар буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳислатлари, илму заковати ҳамда ҳаётий кечинмалари ва ижоди ҳақида атрофлича сўз юритади, унинг Осиё тамаддунига улкан таъсир ўтказган шахслардан бири эканини алоҳида қайд этади.

Мақолада улуғ шоир ва давлат арбоби ҳақида ҳинд халқининг буюк фарзанди Жавоҳарлал Нерунинг айтган бундай сўзлари келтирилади: “Бобур келиши билан Ҳиндистон қудратли салтанатга айланди. Шу боис ҳам Европанинг ҳужум қилиш хавфи ёки эҳтимоли йўққа чиққан”.

Газета инглиз тадқиқотчиси Вилям Эрскеннинг ҳам Бобур ҳаётини кўп йиллар давомида ўрганиб ёзганларини келтиради. Олимнинг таъкидлашича, деб хабар беради нашр, инсоният фаолиятининг барча соҳасида “осиёлик шаҳзодаларнинг ҳеч қайси бири Бобурга тенг кела олмайди, унга лойиғини тополмаймиз”, шунинг учун ҳам Ж.Неру уни “дилбар шахс” деб атади.

Нашрнинг иккинчи мақоласида таъкидланишича, “Алишер Навоий фақат Анадўли шоирларигагина эмас, балки бошқа туркий ҳалқлар ижодкорларига ҳам катта таъсир кўрсатган улуғ инсондир. Унинг таъсир доираси Ҳиротдан Ҳиндистонга, ундан эса Озарбайжон ва Анадўлига бориб етган. Айниқса, XVI аср умумтурк оламида “Навоий асри” деб аталса, умуман муболаға бўлмайди,” —деб ёзади муаллиф.

Шоир номи, мақолада қайд этилишича, тез-тез тилга олинган, зеро Навоий ўзига хос услубга эга бўлган ва, ўз навбатида, бир қатор шоирларни илҳомлантирган. Классик адабиёт тарихидан маълумки, ҳар бир аср адабиётини йўлга солган даҳо ижодкорлар бўлган ва ўзгаларга ибрат бўлишган.