2018-04-18 16:39:43

САМАРҚАНД — ШЭНЬСИ: ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва ижтимоий-маданий соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида ХХРнинг Шэньси провинциясида бўлиб қайтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида Хитой Халқ Республикасидан инвесторларни вилоятга жалб қилиш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали иш ўринлари яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси билан биргаликда учрашув ва музокаралар олиб борилди.

— Тадбирлар давомида шэньсилик тадбиркорлар билан қиймати 238,7 миллион долларга тенг бўлган 19 та ҳужжат имзоланди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Бобоев. — Хусусан, лойиҳа қиймати 215,6 миллион долларлик, шундан 186,2 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этадиган 10 та шартнома тузилди. Бунда кимёвий воситалар ва агротехникани ривожлантириш, LED лампалар, цинкланган (рух билан ишланган) металл, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва туризм инфратузилмаси объектлари ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширишга келишилди.

Бундан ташқари, 10,8 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида 6 та шартнома имзоланди.

Самарқанд вилоятидан эса 11,3 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Хитойдаги йирик компанияларга экспорт қилиш бўйича 3 та келишув амалга оширилди.

Тадбирлар доирасида Шэньси провинцияси губернияси, Сиань шаҳри мэрияси, провинциянинг йирик компания ва корпорациялари вакиллари ҳамда самарқандлик тадбиркорлар иштирокида вилоят ҳокимининг қабули бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев иштирокчиларни Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида биродарлашув алоқалари ўрнатилганлигининг 5 йиллиги муносабати билан самимий қутлади.

Шунингдек, хитойлик тадбиркорларга юртимизда текстиль соҳасини ривожлантириш мақсадида инвесторларга давлат томонидан ер участкалари ажратилиб, кластер усулида ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётганлиги, бунда пахта етиштиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён бир жойда амалга оширилиши, инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратилганлиги, эркин иқтисодий зоналар ва улардаги афзалликлар тўғрисида ахборот берилди.

Тадбир давомида Самарқанднинг инвестицион салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Апрель ойи охири ва май ойида хитойлик инвесторларнинг вилоятга ташрифи бўйича келишиб олинди.

Делегация аъзолари Сиань шаҳридаги олий таълим муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Ушбу тадбирлар давомида Сиань Транспорт университети, Сиань маданият академияси, Сиань шимолий-ғарбий университети ҳамда Самарқанд давлат университети билан, Сиань туризм институти ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти билан таълим соҳасида ўзаро келишув меморандумлари имзоланди.

Ташриф давомида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги 10 та меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маданий туризм индустрияси, туманлардаги уй-жойлар негизида туризм соҳасини ривожлантириш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, табиат ва атроф-муҳитни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий иссиқхона хўжалиги (томчилатиб суғориш, ёмғирли суғориш, гидропоник усул ва энерготежамкор иссиқхоналар)ни ташкил этишга қаратилган.

Суратлар: Самарқанд вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати