2018-04-19 12:04:52

НУРОНИЙЛАРНИ “МЕҲНАТ ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театрида бир гуруҳ нуронийлар, меҳнат фахрийларини Президентимиз томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Республика бошқаруви раиси Ш.Жалилов ва бошқалар Президентимиз томонидан мамлакатимизда нуронийларга, кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши бу борадаги ишлар салмоғини янада оширди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига биноан "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони тўғрисидаги Низом, кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари, кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига ўрнатиладиган белгининг тавсифи тасдиқланган. Мазкур нишон билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланади.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг назорат режасига мувофиқ “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини бериш тартиби тўғрисидаги низом ва номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига номзодларни ўрганиш ва тақдим этиш етти босқичда аниқ умумий талаблар асосида амалга оширилди. Фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи раҳбарлигида “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” томонидан кўкрак нишонига номзодлар рўйхати шакллантирилди. Кўкрак нишонига ҳар битта номзод бўйича фуқаролар йиғинидаги жамоатчиликнинг фикри батафсил ўрганиб чиқилди.

Жорий йилда республика бўйича жами 873 нафар кекса авлод вакили “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шундан 182 нафари қишлоқ хўжалиги, 59 нафари иқтисодиёт, 102 нафари ишлаб чиқариш, 49 нафари маданият, спорт, 247 нафари фан, 78 нафари жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган нуронийлардир. Шунингдек, ушбу кўкрак нишони билан ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдида масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналар ҳам тақдирланди.

Тантанали маросимда I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” нишонлари ўз эгаларига топширилди. Санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

ЎзА олган суратлар.