2018-04-19 12:19:28

O‘ZLIDEP РОССИЯ ТАДБИРКОРЛАРИ БИЛАН ОНЛАЙН КОНФЕРЕНЦИЯ ТАШКИЛ ЭТДИ

 

2018 йил 18 апрель куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Экспорт ва инвестицияларни кенгайтириш масалалари бўйича лойиҳаси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Санкт-Петербург шаҳри маъмуриятининг ташқи алоқалар қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистон ва Россия: ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида онлайн конференция ташкил этилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирнинг мақсади — икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бевосита ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кооперацияни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашишдир. Унда видеоалоқа орқали уланган Ўзбекистоннинг 5 та ҳудуди — Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Сурхондарёдан мева-сабзавот ва узумни етиштириш, сақлаш, қайта ишлашга ихтисослашган компаниялар, Савдо-саноат палатаси, «Ўзшаробсаноат», «Ўзозиқовқатхолдинг» вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти шафелиги остида бевосита Смольнийда ташкил этилган Россия студиясида Санкт-Петербург шаҳар маъмуриятининг ташқи алоқалар, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий таъминот, истеъмол бозорлари масалари бўйича ҳамда инвестициялар бўйича қўмиталари, Санкт-Петербург савдо-саноат палатаси, шунингдек? «СпецСервис», «Корпорация Бонапарт», «LegarisTrading», «Балтика-Транс», «ТОР», «Безопасные технологии и разработки», «X5 RetailGroup», «Международной ассоциации интеграционного сотрудничества» каби етакчи Россия компаниялари ва тармоқ тузилмалари вакиллари иштирок этди.

O‘zLiDePнинг ўзи учун мутлақо янги бўлган бундай форматларни иш жараёнига татбиқ этиши асосида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларга ҳамоҳанг иш юритишга интилиш ҳамда  “амалий ишлар партияси” сифатида ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқилганлиги ётибди. Зеро, жамият ва давлат ривожланишининг бугунги суръатлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови партиядан амалий қадамларни талаб этмоқда, жамият ва давлатни модернизация қилиш, айниқса, мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш борасидаги тарихий воқеаларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон¬ ва Россиянинг  савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган ушбу тадбир бевосита Санкт-Петербург губернатори  Георгий Полтавченко кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда россиялик иштирокчиларнинг билдирган фикрига кўра бундай учрашувлар уларнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ва ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга улкан қизиқишидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Санкт-Петербургнинг ўзаро муносабатларини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва логистика, Ўзбекистон далаларида етиштириладиган сифатли ва табиий маҳсулотларни россиялик истеъмолчилар дастурхонига етказиш соҳасида етакчи корхоналар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун ўзига хос янги имкониятлар эшигини очади.

Бизнес-форум дўстона ва ишчанлик руҳида ўтди. Ўзбекистоннинг бир қатор худудлари мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ҳамда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва «Ўзшаробсаноат» холдинг компаниялари вакиллари Россия бозорларига сифатли маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларини намоён этди.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бизнес-форум Россия ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли муносабатлар ва ҳамкорликни ўрнатиш учун ўзига хос янги форматдаги майдон яратди. Томонларнинг тадбиркорлар мулоқотини доимий асосда, шу жумладан, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича ҳам давом эттиришга манфаатдорлиги қайд этилди.

O‘zLiDePматбуот хизматидан маълум қилишларича, партия шу каби бизнес форумларни Россиянинг бошқа ҳудудлари ҳамда бошқа мамлакатлар билан ўтказишни ҳам мўлжалламоқда. Бу тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри муносабатларни ўрнатиш, бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиш масалалари бўйича аниқ келишувларга эришишга хизмат қилади.

 “Туркистон-пресс”