2018-04-19 12:33:35

МАКТАБЛАР ЗАМОНАВИЙ АКТ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ЖИҲОЗЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитой Халқ Республикасига қилган давлат ташрифи доирасида “Умумтаълим мактабларининг 5-9 синфларида информатика ва чет тили фанларини ўқитишнинг сифатини ошириш (1-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича келишув амалга оширилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур келишув асосида икки давлат ўртасида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида республика миқёсида умумтаълим мактабларининг  информатика ва чет тили хоналарини жиҳозлаш учун 1303 комплект замонавий компьютер техникаси мажмуасини етказиб бериш кўзда тутилган. Ушбу комплект ўқитувчи учун компьютер (принтер билан), ўқувчилар учун компьютерлар, интерактив доска, проектор, кондиционер, стабилизатор, кабел ва тармоқ ускуналаридан иборат.

18 апрель куни Сергели туманидаги 55-сонли мактабда мазкур лойиҳа доирасида замонавий компьютер ва АКТ воситалари билан жиҳозланган дастлабки мактабнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбирда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь иштирок этди.

Умумтаълим мактабларининг 5-9 синфларида информатика ва чет тили фанларини ўқитишнинг сифатини ошириш (1-босқич)” лойиҳаси асосида юртимиздаги умумтаълим мактаблари умумий қиймати 108.8 млн юань (17 млн. АҚШ доллари) миқдорида 18 886 комплект замонавий компьютер, 1303 комплект интерактив доска ва проекторлар билан жиҳозланади.  


“Туркистон-пресс”