2018-04-19 14:32:00

ЛОНДОНДА БРИТАН-ЎЗБЕК ЭНЕРГЕТИКА ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

18 апрель куни Лондон шаҳрида ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон нефть-газ тармоғи инвестициявий салоҳияти” мавзусидаги биринчи британ-ўзбек энергетика форумида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан Экспортни фолиялаштириш британ агентлиги ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, Буюк Британия Ўзбекистон нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 1,25 миллиард фунт стерлинг маблағ ажратади.

Қайд этиш лозим, мазкур форум Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзбекнефтегаз” компанияси, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда мезбон давлатнинг савдо ва экпортни қўллаб-қувватлаш вазири Баронесса Рона Фэрхэд, халқаро молия муассасалари, тижорат банклари, Буюк Британия ва Европа мамлакатлари нефть-газ ва иқтисодий секторлари вакиллари иштирок этаяпти.

Энергетика форуми кун тартиби сермазмун тузилган бўлиб, иккита ялпи мажлис, “B2B” форматидаги учрашувлар, шунингдек, иштирокчи компаниялар тақдимотларини ўз ичига олган. Бундан ташқари, энергиянинг ноанъанавий ва қайта тикланувчи манбаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

“Туркистон-пресс”