2018-04-19 18:33:19

O‘ZLIDEP ФАОЛЛАРИ “РЕКРУТИНГ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия Фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатини ташкил этди.

Тадбирда таъкидландики, хорижда хусусий бандлик (рекрутинг) агентликлари мустақил субъект сифатида корхоналар (иш берувчи)га ва иш қидираётганларга хизмат кўрсатади. Рекрутинг компаниялари ҳар йили жаҳон миқёсида 8–10 миллион кишини иш билан таъминлашга ҳисса қўшади. Аммо мамлакатимизда хусусий ташкилотлар томонидан фуқароларни республикамиз ва чет элда ишга жойлаштириш бўйича мукаммал ҳуқуқий база яратилмаган.

Мазкур қонун лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимизнинг “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларимизни мамлакатимиз корхоналари ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, давлат хизмати ва хусусий сектор томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш механизмларини тартибга солиш, ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар тартиби ва шартларини, рекрутинг агентликлари, корхона ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш имконини беради ва норасмий меҳнат миграциясини олдини олишга хизмат қилади.

Ҳозирда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишга киритиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилиш давомида мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилиш жараёнида баҳс-мунозаралар олиб борилди, партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фракцияси аъзолари, тегишли ташкилотлар вакиллари томонидан ушбу қонунни янада маромига етказиш борасида кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Туркистон-пресс”