2018-04-20 17:37:07

ТАНЗИЛА НОРБОЕВА «FACEBOOK»ДАГИ «MASLAHAT.UZ» ГУРУҲИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ БЕРАДИ

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангандан буён халқчил сиёсат юритиб келмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоянинг замирида ҳам шу мақсад мужассам.

Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда барча давлат органлари ва уларнинг раҳбарлари, сенатор ва депутатлар, ҳокимларнинг саҳифалари очилди, шу тариқа қайсидир маънода улар халққа, оддий одамларга янада яқинлашишди.

Давлат раҳбарининг ташаббусига лаббай деб жавоб берганлардан бири Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасидир.

Таъкидлаш лозимки, қўмита ижтимоий тармоқларда анча фаол фаолият олиб бормоқда. Жумладан, қўмитанинг «Facebook»даги расмий саҳифасига ҳар куни аёллардан юзлаб ариза, шикоят ва таклиф келиб тушмоқда, уларга зудлик билан ечим топилмоқда.

Албатта, бу «кадр ортидаги» бу жараёндан кўпчилик бехабар. Шу сабабли қўмита кўпларнинг жонига оро кираётгани, мушкулини осон қилаётганини ҳақида аксариятимизда маълумот, тасаввур йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг «Давлат бошқарувида ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол қатнашиши учун аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси фуқаролар ва қўмита ўртасида узвий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида бир лойиҳага қўл урди.

Тарихда биринчи марта Бош вазир ўринбосари мақомидаги шахс — Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва қўмитадаги мутахассислар «Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳида фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб беради.

“Онлайн савол-жавоб бўлиб ўтадиган вақт тез орада маълум қилинади. Бизни кузатиб боринг!Гуруҳда кўпчилик саволларга жавоб берилиши учун, саволларни шу пост тагида изоҳ ёзиб қолдиринг”, дейилади «Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳида.

“Туркистон-пресс”