2018-04-23 15:21:02

МИНГ ДАРДГА ШИФО

Асал доривор, мўъжизали  неъмат бўлиб, бобокалонимиз Абу Али ибн Сино  замонасидан бошлаб, асалнинг дармондорилик хусусиятларидан халқимиз кўп хабардор.

Асаларидан асал, гулчанги, прополис, асалари сути ва заҳри олиш мумкин. Ушбу маҳсулотлар инсон саломатлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. Асалари ҳаёти давомида табиий шароитда асал билан озиқланади. Шу боис, улар ўзи учун етарлича асал тўплашга ҳаракат қилади. Шунга қарамай, асалариларга меҳр бериб озиқлантирилса, етарлича шароитлар яратиб берилса, инсон ўзи учун ҳам асал олишга эришади. Қишлоқ хўжалигидаги турли соҳалар қатори асаларичилик ҳам муҳим аҳамиятга эга тармоқ хисобланади.

Юртимиздаги барча вилоятларидаги каби Навоий вилоятида  ҳам мазкур йилда асаларичилик соҳаси ривожи бўйича кўпгина ишлар амалга ошириб келинмоқда. Вилоятда 2017 йил 1000 дан ортиқ асаларичилик  субъектлари томонидан 42 мингдан ортиқ асалари оиласини парваришлаш эвазига 1005 тонна асал маҳсулоти етиштирилди.  Навоий вилояти  иқлими кескин континентал бўлиб, ёзи иссиқ, қиш ойлари совуқ бўлади. Навоийлик асаларичилар ана шу иқлимни инобатга олиб, асалариларни кўпроқ кўчириш йўли билан асал олишади. Эрта баҳорда қайрағоч, терак бодом, ўрик, гилос, шафтоли каби дарахтлар гуллаганда гулчанг сероб бўлади, оз миқдорда гулшира ҳам келади, натижада асалари оилалари тез ривожланади.

Бугунги кунда вилоятда асаларичилик билан шуғулланувчи оилавий тадбиркорлар сони талайгина. Улардан  бири Қизилтепа туманида истиқомат қилаётган асаларичи Сарвар Муродов ҳам  кўп йиллардан  буён мазкур соҳа билан шуғулланиб келаяпти. Сарвар  етиштирган асал маҳсулоти яқинда  республика миқёсида бўлиб ўтган энг сифатли асал танлови номинациясида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Хонадонида  айни пайтда 100  та асалари оиласи парвариш қилаётган асаларичилик соҳаси билимдони муваффақияти сирларини шундай изоҳлайди, “Асаларичилик машаққатли ва ўз ўрнида роҳатбахш иш. Машаққатлар замирида меҳнатнинг тотли самараси доим бизга таскин беради. Асарилар парвариши нозик жараён бўлиб, уларни ўндан ортиқ мавсумий касалликлардан ҳимоялаш,  юракдан меҳр бериб боқиш талаб этилади”.

 Дарҳақиқат, бугун Навоийда асаларичилик соҳаси ҳам равнақ топмоқда. Шу боисдан олдинлари тансиқ бўлган шифобахш    асал маҳсулотлари эндиликда бозорларимизда кўпайиб,  аҳоли дастурхонига арзон нархларда етказиб берилмоқда.

 Шуҳрат  НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”