2018-04-23 15:30:31

СУРХОНДАРЁДА КOВРАК МАҲСУЛОТИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ

“Xudoyqul Samariddin Nasriddinovich” фирмаси раҳбари Самариддин Худойқулов Сурхондарё вилояти “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан коврак ўсимлиги хом-ашёсини йиғиб-териб олиш учун хўжалик раҳбари А.Рўзиқуловга мурожаат қилган эди. Аммо ўрмон хўжалиги раҳбари унга рад жавобини берган. Тадбиркор мақсадидан ортга чекинмай, O`zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгашидан бу масалада ёрдам сўради.

Партиянинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлимига келиб тушган ушбу мурожаат депутатлик гуруҳи билан жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижасида Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қурбон Шукуров “Боботоғ” ўрмон хўжалиги раҳбари Абдуфаттоҳ Рўзиқуловга депутатлик сўрови юборди. Депутат ташаббуси билан тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилди.

—O`zLiDeP вилоят кенгаши кўмаги билан “Боботоғ” ўрмон хўжалигида ўз фаолиятимизни бошладик, —дейди у . —Айни чоғда ўттиз нафар ёшлар билан кунига 55 кг.коврак маҳсулоти қазиб оляпмиз. Бу ўсимликни эса Ҳиндистон ва Афғонистонга экспорт қиляпмиз.

Таъкидлаш керак, “Xudoyqul Samariddin Nasriddinovich” фирмаси ўсимликлар хом-ашёсини йиғиб-териб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Корхонада 100 нафарга яқин йигит-қиз мавсумий иш билан таъминланган. 

“Туркистон-пресс”