2018-04-23 15:51:31

САМАРҚАНДДА ЎЗБЕК-ТОЖИК БИЗНЕС-ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон давлати ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Форумнинг очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирок этди.

Бизнес-форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад—икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Унда Тожикистоннинг 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда 200 га яқин маҳаллий йирик корхона ва компания вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа ҳам ўтказилиб, унда ишбилармонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш хамда манфаатли шартномаларни имзолаш имкониятига эга бўлдилар.

Форум доирасида, шунингдек, Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилоятида ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.

“Туркистон-пресс”