2018-04-23 15:56:08

ЎЗМТДП ЖОЙЛАРДА “МИЛЛИЙ КУТУБХОНА” ЛОЙИҲАСИНИ ЎТКАЗМОҚДА

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят кенгаши Ёшлар қанотиташаббуси билан маҳаллалардаги ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданияти ва китоб мутоласи тарғиботини янада кучайтириш мақсадида вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида Миллий кутубхоналойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳада ёшлар ўзлари ўқиб, фойдаланиб бўлган китобларни, миллий адабиётимиз дурдоналарини ўзаро алмашиш ҳамда кутубхонага совға қилишлари мумкин, йиғилган китоблар асосида маҳалла кутубхонаси шакллантирилиши режалаштирилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида йиғилган китобларнинг кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Лойиҳанинг дастлабки мезбони Наманган шаҳридаги “Байналмилал” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди.

— Бугунги кунда маҳаллада 3500 зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 65 фоиздан кўпроғини ёшлар  ташкил этмоқда, — дейди “Байналминал” МФЙ раиси Муроджон Раҳимов. — Ахборот технологиялари асрида  ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди. Ўйлайманки, бу каби лойиҳалар  инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган — китобнинг қадрланишига, китобхонлик маданиятининг юксалишига, ёшларнинг эса маънан баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади. 

Маҳалла ҳудудидаги 7-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари маҳаллада ташкил этилган лойиҳа учун ўзлари ўқиб, фойдаланиб бўлган китобларидан биттадан совға қилишди.

Лойиҳа вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”