2018-04-23 16:01:23

ҲАМЮРТЛАРИМИЗ ТУРКИЯДАГИ ТЕАТР ФЕСТИВАЛИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган “Минг нафас бир овоз” 11-халқаро театрлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Фестивалда Ўзбекистон вакиллари — Самарқанд вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Тантанали очилиш маросимидан олдин Конья театри олдида катта театр томошалари, турли театр образлари, эртак ва йирик катта саҳна асарларининг қаҳрамонлари меҳмонлар олдида гавдалантирилди, бир қатор мусиқий асбоблар ёрдамида бадиий чиқишлар ташкиллаштирилди.

Шундан сўнг тантанали очилиш маросимининг расмий қисми бошланди. Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур фестивалнинг ўзига хос рамзий маънога эга эканлиги, бутун дунё театрлари ва туркий тиллар театрлари бирлашиб жаҳон цивилизациясига ўзининг ҳиссасини қўшишини ва бугунги глобал ўзгараётган жараёнларда театрларнинг ўз овози, ўзининг мустаҳкам позициясига эга бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Айниқса, фестивалнинг  очилиш маросимида Ўзбекистондан келган меҳмонларнинг ташрифи алоҳида қутланиб, уларнинг санъатига ва мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқиёсдаги ислоҳотларга жуда катта юқори баҳо берилди.

Шу куни Самарқанд вилоят мусиқали драма театри томонидан Туркия давлатининг Маданият ва туризм вазирлигивакилларига эсдалик совғалари топширилди.

Фестивалнинг очилиш маросимидан сўнг Анқара давлат театри ижодкорлари томонидан “Кун ботиши” драма спектаклинамойиш этилди.

“Туркистон-пресс”