2018-04-23 17:37:08

ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ЖАМОАТ ИШЛАРИГА ЖАЛБ ЭТИЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ТАРМОҚ КОМИССИЯСИ ТУЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида жорий йилнинг 21 апрель куни  навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳайъат йиғилишида асосий масала сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 апрель куни Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда таълим муассасалари ходимларини ободонлаштириш ва турли бошқа жамоат ишларига мажбуран жалб этилаётганини кескин танқид қилиб билдирган фикрлари ҳамда ушбу масалада 17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида ўтказилган мажлисда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президентимиз олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Айниқса, ёш авлод камолоти ва таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратилмоқда.

Бироқ жойларда ўқитувчиларни қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ва бошқа жамоат ишларига мажбурий жалб этиш ҳолатлари кузатилаётгани таълим-тарбия сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йиғилишда ушбу ҳолат Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида ўтказилган ташқи мониторинг натижалари мисолида танқидий таҳлил қилиниб, ўқитувчиларнинг жамоат ишларига жалб этилиши давлат таълим стандартларининг тўлақонли бажарилишига жиддий тўсқинлик қилаётгани қайд этилди.

Соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш, бу борада барча раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича қатъий топшириқлар берилди.

Ҳайъат йиғилиши қарори билан Халқ таълими вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ўқитувчиларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этишга қарши курашиш бўйича тармоқ комиссиялари ташкил этилди.

Ҳайъат йиғилишида ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия берилишини таъминлаш, бу борада педагогларга тегишли шарт-шароитлар яратиш, уларга методик хизмат кўрсатиш ишларини ва маҳорат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари халқ таълими тизимидаги барча даражали раҳбарларнинг энг асосий вазифаси сифатида белгилаб олинди.

“Туркистон-пресс”