2018-04-24 13:57:57

АБДУЛАЗИЗ КАМИЛОВ ПОКИСТОН ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШДИ

2018 йилнинг 23 апрель куни Пекин шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида вазирлар Ўзбекистон-Покистон кун тартибидаги, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доираларидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган долзарб масалалар борасида фикр алмашдилар.

Учрашувда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар деярли барча ўзаро манфаатли соҳаларда фаоллашди. Бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун янги имкониятларни очиб берди.

Тадбиркор делегацияларининг тез-тез учрашишлари натижасида 100 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди. Шунингдек, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар жадал тус олди ва самарали бўлди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида 2018-йилнинг 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянининг муваффақиятли натижалари таъкидланди ва минтақа учун муҳим бўлган ушбу соҳада конструктив ҳамкорлик қилишга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.