2018-04-24 14:05:57

АРМАНИСТОН БОШ ВАЗИРИ ИСТЕЪФОГА ЧИҚДИ

23 апрель куни Арманистон Бош вазири Серж Саргсян истеъфога чиқди.

Саргсян кейинги 2 ҳафта мобайнида мамлакатни қамраб олган норозилик намойишлари ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

«Мен давлат раҳбари сифатида сизларга охирги марта мурожаат этмоқдаман. Никол Пашинян ҳақ эди. Мен ноҳақ эдим. Мен хато қилгандим. Оғир вазият юзага келганди, вазиятни ҳал қилишнинг бир неча йўли бор эди. Бирортасини танламадим, чунки уларнинг бирортаси менга тўғри келмасди. Мен сизларнинг талабингизни бажараман ва мамлакат раҳбари лавозимидан воз кечаман», — деган Саргсян.

Эндиликда Бош вазир ўринбосарибўлган Карен Карапетян вақтинчаликка мамлакат Бош вазири лавозимини эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон пойтахти Ереваншаҳрида жорий йил 13 апрель куни мамлакат собиқ Президенти, ўз президентлиги даврида референдум ўтказиб, Конституцияга ўзгартириш киритилишига ва парламентар республика жорий этилишига эришган, президентлик ваколати муддати тугагач, Бош вазирга айланган Серж Саргсянга қарши мухолифатдаги кучлар томонидан норозилик намойишлари бошланган эди.