2018-04-24 14:07:39

“ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2018 йил 23 апрель куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ўтказилган “Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида ушбу қонун лойиҳаси илмий жамоатчилик билан кенг муҳокама қилинди.Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизматихабар бермоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган.

Мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.

 Эътироф этилганидек, ўтган икки йил мобайнида тараққиётнинг навбатдаги босқичида жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишларнинг мазмунига мос равишда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, таълимнинг барча босқичларини бугунги замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 100 га яқин қарор ва фармонлари қабул қилиниб, изчиллик билан амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, давлат ва хусусий шериклик асосида яқин истиқболда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр, таклифлари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта жорий этилиб, ўрта махсус касб-ҳунар таълими оптималлаштирилди. Олий таълим муассасаларига қабул квоталари кўпайтирилди, хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари дипломларини нострификациялаш тизими соддалаштирилди, талаб юқори бўлган қатор соҳалар бўйича сиртқи таълим йўлга қўйилди ҳамда олий таълимдан кейинги таълим тизими ҳам халқаро андозаларга асосан такомиллаштирилди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим соҳалардан бири бўлган таълим тизимидаги туб янгиланишлар, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари миллий таълим тизимига жорий этилаётганлиги ва бир қатор халқаро конвенцияларнинг ратификация қилинганлиги, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат томонидан қабул қилинган соҳага доир Қарор, Фармонларни қонунчиликка мувофиқлаштириш заруратидан келиб чиқиб,  “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Давра суҳбатида ишчи гуруҳи аъзолари томонидан қайд этилганидек, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 20 дан ортиқ ривожланган хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги қонунчилиги ўрганилиб, шу асосда янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига 36 та янги модда киритилди. Амалдаги қонуннинг 33 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, давлат — хусусий шериклик, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият каби янги нормалар назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ва уларнинг фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштирилди.

Давра суҳбатида қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар, депутатлар ва партия фаолларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Тадбир якунида қонун лойиҳасини ҳудудларда ҳам муҳокамадан ўтказиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳамда қабул қилинишига қадар ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

“Туркистон-пресс”