2018-04-24 14:14:05

САРИОСИЁДА КИТОБ ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан 23 апрель — Бутунжаҳон китоблар куни муносабати билан Сариосиё туманидаги 68-умумтаълим мактабида “Китоб — маънавият чироғи” шиори остида китоб фестивали ўтказилди.

Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 2017 йил 13 сентябрдаги қарори ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

—Инсоннинг энг ажралмас ва садоқатли дўстларидан бири —китобдир. Бугунги кун ёшларининг аксарият қисми китобдан кўра, замонавий технологиялардан фойдаланишни афзал кўришади. Аммо китоб ўқиган боланинг дунёқараши, фикрлаши бутунлай ўзгача бўлади. Шу боис бўлса керак катталар болаларга ёшлигидан китоб, эртаклар ўқиб бериб ўша муҳит, ўша қаҳрамонлар нафаси билан улғайтиришади. Бу каби фестиваллар ҳам ёшлармизни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади, — ЎзМТДП вилоят кенгаши девони раҳбари С.Абдураимов.

Фестивалнинг бадиий қисмида 68-мактабнинг фаол ўқувчилари ўзлари тайёрлаб келган куй-қўшиқларини, китобдан ўрганган билимларини ҳамда саҳна кўринишлари орқали намойиш этишдилар. Иштирокчилар олқишига сабаб бўлган буюк Соҳибқирон ҳаётига бағишланган саҳна кўриниши ўқувчилар томонидан маҳорат билан ижро этилди.

Фестиваль доирасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг яхши китоб ярмаркасини ташкил этган тадбиркор” каби йўналишларда танловлар ўтказилди. Якунда ғолиблар партиянинг диплом ва китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.

 

“Туркистон-пресс”