2018-04-24 14:18:11

НИГОРА ОҒИР АТЛЕТИКА БЎЙИЧА ОСИЁ ЧЕМПИОНИ БЎЛДИ

23 апрель куни Урганч шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати старт олди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

 Мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан сўнг  қизлар ўртасида -44 вазн тоифасида финал баҳслари бўлиб ўтди. Қувонарлиси, қитъа чемпионати терма жамоамиз учун омадли бошланди. Ушбу вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчимиз Нигора Абдуллаева даст кўтаришда 67 кг, силтаб кўтаришда 81 кг. тошни ўзига бўйсундира олди. Умумий ҳисобда 148 кг. тош кўтарган ҳамюртимиз ўз вазн тоифасида энг яхши натижани қайд этди ва мутлоқ чемпионликни қўлга киритди.

Шу тариқа Нигора терма жамоамиз ҳисобига ушбу Осиё чемпионатидаги илк олтин медални қўшиб қўйди.

Маълумот учун, Урганчдаги Осиё чемпионатида шу йил октябрда Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензиялари ҳам ўйналади.

“Туркистон-пресс”