2018-04-24 17:01:08

ЮРАКНИ “ЖИМИРЛАТМАГАН” ҚЎШИҚ БАДИИЙ КЕНГАШДАН ЎТМАДИ

Маълумки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий кенгаши ўз иш фаолиятини олиб бормоқда. Мазкур кенгаш савиясиз, қўшиқ матнида маъно-мазмун бўлмаган, видеоклиплари миллийликка зид бўлган қўшиқларни назоратга олиш мақсадида ташкил этилган.

20 апрель куни Бадиий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашда бешта хонанданинг қўшиқларига тасвирга олган видеоклиплари кўриб чиқилди. Жумладан, хонандалардан Элмурод Собиржоновнинг«Севдим», Беҳруз Тоҳировнинг«Келинг, дема», Сардор Бекмуродовнинг«Болага китоб беринг» деб номланган қўшиқларига тасвирга олинган видеоклипларни ОАВ орқали эфирга узатишга тавсия берилди.

Фарҳод Саидовнинг «Жимир-жимир» ҳамда Ситора Фармонованинг «Чаманда гул» деб номланган қўшиқларининг матни савияси паст бўлганлиги боис кенгаш аъзолари томонидан қаттиқ танқид остига олиниб,рад этилди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт”давлат муасассаси матбуот хизмати маълум қилди.

“Туркистон-пресс”