2018-04-24 17:47:35

ПРЕЗИДЕНТЛАР ХИВАДАГИ ТАРИХИЙ ОБИДАЛАРНИ ТОМОША ҚИЛДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Ичан қалъа”ни томоша қилди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, “Ичан қалъа”да халқимизнинг меъморчилик анъаналари ўз ҳолича сақланиб қолган. Аждодларимизнинг турмуш тарзи, ҳунармандлиги, санъати ва маданияти ўз ифодасини топган. Очиқ осмон остидаги музей дея эътироф этиладиган бу қадимий қалъа ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. 

Олий мартабали меҳмонга ушбу қадамжолар тарихи, бу ерда сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. 

Давлат раҳбарлари Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Президентлар буюк туркман шоири Махтумқули таҳсил олган Шерғозихон мадрасасини ҳам кириб кўрди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов “Ичан қалъа” яқинидаги Нуриллабой тарихий мажмуасини томоша қилди.  

Ушбу қадимий сарой Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ реконструкция ва реставрация қилинган. Бадиий галерея, қабуллар уйи, амфитеатр, ҳунармандлар маркази, миллий ошхона барпо этилган.

Туркманистон Президенти аждодларимизнинг бунёдкорлик закоси, уларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.