2018-04-26 14:29:20

КХДР ВА ЖАНУБИЙ КОРЕЯ РАҲБАРЛАРИ 27 АПРЕЛДА УЧРАШИШАДИ

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин жума, 27 апрель куни,  икки мамлакатнинг демаркация чизиғида учрашади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, икки мамлакат етакчиларининг қуролсизлантирилган ҳудуддаги учрашувидан сўнг, Жанубий Корея фахрий гвардияси сиёсатчиларга музокаралар ўтказиладиган жойга қадар ҳамроҳлик қилиб боради. Музокаралар эса Тошкент вақти билан соат 6:40да бошланади. Кутилишича, мамлакатлар етакчилари саммит якунлари бўйича қўшма ҳужжатни имзолайди.

Хориж ОАВнинг хабар беришича, КХДР раҳбари Ким Чен Ин ва Жанубий Корея Президенти Мун Чэ Ин Корея яриморолини ажратиб турувчи демаркацион чизиқ ҳудудида биргаликда дарахт экишади.

Хабарда айтилишича,  саммитдан сўнг мамлакатлар раҳбарлари 1953 йили —уч йиллик Корея уруши якунланган йил ўсишни бошлаган қарағай дарахтини экишади. Дарахт олдига эса «Тинчлик ва тараққиёт дарахти» ёзуви туширилган тош ўрнатилади. Дарахт учун тупроқ Жанубий Кореянинг Чежудо оролидаги Халласан тоғи ва КХДРнинг Хитой билан чегарасида жойлашган Пэктусан вулқонидан олиб келинган.

Шунингдек, таъкидланишича, Ким Чен Ин дарахтга Сеул орқали оқувчи Ханган дарёсидан, Мун Чэ Ин эса Шимолий Корея ҳудудидан ўтувчи Тэдонган дарёсидан сув қуяди.