2018-04-26 14:44:27

“TASHKENT OPEN XII” ТУРНИРИДА ТЎРТ НАФАР ШАХМАТЧИМИЗ ЕТАКЧИЛАР САФИДА

Пойтахтимизда шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган “Tashkent Open XII” халқаро турнири давом этмоқда.

Мусобақада 12 мамлакатдан келган шахматчилар ғолиблик йўлида ўзаро рақобатлашишяпти. Ўз тарихида ўн иккинчи бор ўтказилаётган халқаро турнирнинг соврин жамғармаси 20 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Ғолиб шахматчи 3 000 долларга эга бўлади. 

Беларуслик халқаро гроссмейстер Кирил Ступак (2556) турнирнинг биринчи рақамли шахматчиси ҳисобланади. Кеча учинчи тур учрашувлари ўтказилди. Ҳозирча етти шахматчи юз фоизлик натижага эга бўлиб турибди. Улар орасида тўрт нафар ҳамюртимиз ҳам бор. 

Ўтган йилги турнирда иккинчи ўринни эгаллаган Ступак 3-турда тожикистонлик Муҳаммад Ҳусанхўжаевни мағлубиятга учратди. Ёш шахматчимиз Ортиқ Ниғматов кетма-кет учинчи ғалабасига эришди. Бу сафар у испаниялик халқаро гроссмейстер мусобақанинг иккинчи тартиб рақамли шахматчиси Олег Корнеев (2546)дан устун келди. 

“Туркистон-пресс”