2018-04-26 15:09:34

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ШУҲРАТ АББОСОВНИНГ ЯҚИНЛАРИГА ТАЪЗИЯ ИЗҲОР ЭТДИ

Ўзбек киносининг машҳур намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов 87 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган Ш. Аббосов 1949 йилда Тошкент тиббиёт техникумини тамомлаган. 1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти, 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олди.

Аббосов аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб “Ўзбекфильм” киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган. Ўзбек киносида ўзгача янгилик қилган, ўз йўналиши бўйича алоҳида ўрин эгаллаган Шуҳрат Аббосов суратга олган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Тошкент-нон шаҳри” , “Оловли йўллар”, “Катта урушдаги кичик одам”, “Муҳаббат можароси”, “Абу Райҳон Беруний”, “Отамдан қолган далалар” каби фильмлари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Шуҳрат Аббосов кеча, 25 апрель куни оламдан ўтди.