2018-04-26 17:33:21

Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон павильони иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “III Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси” давом этмоқда. Ўзбекистон миллий павильони кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Кўргазма-ярмарканинг иккинчи куни Ўзбекистон миллий павильонида “Ноширлик фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши: имтиёз ва преференциялар, китоб мутолааси ва тарғиботида замонавий усуллар (“Китоб олами” маърифий мажмуаси мисолида)” мавзуида давра суҳбати, “Буюк қозоқ адиби Абай Қўнонбоев ижодий мероси” мавзусида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2018 йилда чоп этилган “Ўлан” шеърий тўплами тақдимоти ўтказилди.

Бундан ташқари, “Корме” кўргазмалар марказининг конференциялар залида Қозоғистон томонининг буюртмасига асосан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорининг мазмуни ва аҳамияти” мавзусида амалий мулоқот ташкил этилди.