2018-05-01 12:48:29

БАРКАМОЛ АВЛОД КЕЛАЖАГИНИ КЎЗЛАБ

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида партия ташкилотлари томонидан жойларда ўрганиш ишлари амалга оширилаяпти.

Ушбу ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур ҳам ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Шунингдек, Юртбошимиз қарори ва партия лойиҳасига асосан мактабгача таълим сифатини ошириш, болалар боғчаларида истиқболимиз эгаларини мактабга намунали тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш, давлат хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларида кенг қамровли ишлар бошлаб юборилган.

Партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши, “Аёллар”, “Ёш адолатчилар” қаноти кенгашлари фаоллари, депутатлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи вакиллари  лойиҳа доирасида мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлашнинг ҳолатини ўргандилар. Шу мақсадда шаҳардаги 10 га яқин болалар боғчаларида ўрганишлар олиб борилди. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари Нуристон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 50-мактабгача таълим муассасасида бўлишганида бу ерда  ишлар “Таълим тўғрисида”ги қонун” талаблари даражасида ташкил этилаётганлининг гувоҳи бўлишди. Айни пайтда ушбу муассасада 162 нафар ўғил-қизларимиз тарбияланади. Шулардан 35 нафари эса мактаб ёшидаги тарбияланувчилар ҳисобланади.

— Боғчада 34 нафар ходимларимиз фаолият олиб боришаяпти, — деди мактабгача таълим муассасаси мудираси Муқаддас Холиқова. — Биз таълим-тарбия жонкуярлари билан ҳамкорликда иш фаолиятимизга замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор бераяпмиз. Хусусан, “Болажон” дастурида белгиланган усул ва услублардан фойдаланган ҳолда кўпроқ Россиядаги болалар боғчаларида кенг қўлланиладиган илғор методлардан фойдаланаяпмиз. Самараси эса чакки бўлмаётир.

Шаҳардаги 25, 39 ва Пахтазор митти туманида жойлашган 49-мактабгача  таълим муассасаларида ҳам юқоридаги вазифаларни амалга оширишда бирмунча ютуқларга эришилаяпти. Болалар боғчаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, муассасаларга болаларни қамраб олиш ва маънавий-эстетик жисмоний ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида шу нарса аниқландики, тизимда эришилаётган ютуқлар билан биргаликда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам бор. Ушбу камчиликларни бартараф этилишида партиянинг иштироки таъминланаяпти. Масалан, 49-мактабгача таълим муассасасида “Болажон” дастури асосида ишлар рисоладагидек ташкил этилмоқда. Бироқ, муассасада усти ёпиқ спорт залига эҳтиёж сезилаётир. Бунинг устига моддий техник жиҳозлар ҳам етишмайди.

39-мактабгача таълим муассасасида эса парта, стол-стул бор. Интернет асосида таълим-тарбиянинг хорижий методларидан кенг фойдаланилаяпти. Бироқ, фарзандларимиз вояга етаётган таълим-тарбия  масканида машғулотлар олиб бориш учун хона етишмаяпти.

Шу куни лойиҳа доирасидаги ўрганишларда аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан депутатлар мутасадди идораларга депутатлик сўровлари юборишди. 

“Туркистон-пресс”