2018-05-02 14:03:27

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ҲУҚУҚИЙ ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

2018 йил 1 май куни Тошкент давлат юридик университетида“Таълим муассасаларида ҳуқуқий фанларни ўқитишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Мазкур конференция Ўзбекистонда юридик таълимни ўқитишнинг ҳозирги ҳолати, юридик таълим соҳасида мавжуд айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш имкониятлари, шунингдек, замонавий ҳуқуқий таълимда амалиётнинг тутган ўрнига бағишланди.

Республика илмий-амалий конференцияси иштирокчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1990-сон қарорига асосан, Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг модуль тизими биринчилардан бўлиб жорий этилди.

Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг модуль тизимида фақат юриспруденция соҳасининг назариясини ўрганиш билан чекланиб қолмасдан амалий билим ва кўникмаларни ёш мутахассисларда шакллантириш муҳим аҳамият касб этишини, шунингдек,талабаларни ўқитиш давомида амалиётдаги реал мисоллар билан олиб борилишига алоҳида урғу берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2932-сон қарори қабул қилинган бўлиб, унга асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура билан фаол ҳамкорлик қилиш, шунингдек,умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ тайёрланган ҳамда талабаларда таҳлил қилиш қобилиятини, тизимли таҳлил қилиш ва юридик фаолиятнинг тегишли соҳаларини бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга, замонавий ўқитиш шаклларини(кейс-стади, илмий тақдимотлар ва бошқалар) жорий этган ҳолдаамалий машғулотлар ҳажмини оширилганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3666-сон қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилганлиги айтиб ўтилди.

Ўтказилган конференция якунлари бўйича бугунги кунда мамлакатимизда юридик кадрларни, айниқса, талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юборишга доир масалалар муҳокама қилинди.

“Туркистон-пресс”