2018-05-03 15:14:36

95 ЁШЛИ ОНАХОН МАРИЯ АЛИЕВА: ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗДАН МАМНУНМИЗ

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан айни кунларда жойларда турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилиб, ҳар бир уруш қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олинмоқда. Совға саломлар улашилиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши томонидан ҳам жойларда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносбати билан қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, ЎзМТДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар, партия фаоллари ва ёшлар иштирокида Когон шаҳар ва Жондор туманларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларига ташриф буюрилди.

Когон шаҳар Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини Аҳиллик кўчаси 14-уй, 25-хонадонда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  95 ёшли онахон Мария Алиева хонадонидаги ташриф ҳақиқий байрамга айланди, барчага шукуҳ бахш этди.

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, танк ҳайдаб, ёвга тик боққан онахон қақшатқич урушнинг оғир дамларини ёдга оларкан, тинч ва осуда кунларга шукрона келтирди. Ёшларга юртга садоқатли ва ватанпарвар бўлишнинг бахти, олий ҳикмати ҳақида гапирди. Онахон сўзи давомида Юртбошимиз томонидан фахрийларга кўрсатилаётган эъзоз-эътибордан чексиз мамнунлигини изҳор этди.

Учрашувга келган ёшлар онахонга урушнинг оловли йилларини эсга солувчи Ватан қадри, юрт соғинчи каби мавзулардаги шеърлардан ёд айтишди. Суҳбат сўнгида онахонга эсдалик совғалари ҳамда саломатлиги учун зарур бўлган дори-дармон воситалари тақдим этилди.

Шунингдек, Жондор туманидаги Ойтуғди МФЙ, Жўйсафед қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари — Салим бобо Ҳалимов ҳамда Шўробод МФЙ, Шўробод қишлоғида яшовчи — Зариф бобо Жумаевларнинг ҳам ҳолидан хабар олинди.

 “Туркистон-пресс”