2018-05-04 14:03:50

ТАНЛОВЛАРНИНГ ЗЎРИ — “ОЛТИН ҚАЛАМ”!

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда  ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимовнинг таъкидлашича, бугун

республикамизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1500 дан ошди. Мавжуд босма даврий нашрларнинг 53 фоизи, телерадиоканалларнинг 85 фоизини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этмоқда. 330 дан зиёд веб-сайт ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 98 фоизи нодавлат сектор улушига тўғри келади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, танлов бу йил ўн учинчи маротаба ўтказилди. Миллий медиа оламда энг нуфузли бўлган “Олтин қалам” танловида ўтган йиллар давомида 6000 дан ортиқ журналистнинг 90 000 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 260 нафар ҳамкасбимиз танлов ғолибига айланди. Мазкур танловларни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш учун жами 1 миллиард 570 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилди. Шунингдек, 80 дан ортиқ ижодкор мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нуфузли халқаро ташкилотлар — БМТ, ЮНЕСКО, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, ЮНЭЙДС, ЮСАИД, Словениянинг "Минтақавий мулоқот" халқаро ташкилоти ва чет эл дипломатик корпусларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди.

Бу йилги “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда 523 нафар журналист 7100 дан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра танловнинг Бош миллий мукофоти берилмади. Танлов иштирокчилари орасидан телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун”, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун”, “Энг яхши матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи мукофотлар соҳиблари аниқланди.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда.

Тақдирлаш маросимида ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экология марказининг филиали (РЭЦЦА), ЮСАИДнинг Сил касаллигига қарши кураш дастури, DVV International (Германия), Гёте институти, "Минтақавий мулоқот" (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва Хитой Халқ Республикаларининг элчихоналари, шунингдек, миллий ҳамкорлар – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ўз мукофотларини топширдилар.


Отабек Мирсоатов (ЎзА) олган суратлар.