2018-05-04 14:21:14

ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИДАН СЎНГ “ОИЛА” МАРКАЗЛАРИГА МАШИНАЛАР СОВҒА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказига ташрифи давомида мазкур муассасанинг учинчи қаватида жойлашган “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. 

Мамлакатимиз етакчиси хотин-қизлар муаммоларини бартараф этиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олдида турган масалаларга эътибор қаратди. Оилаларнинг ижтимоий аҳволини вилоятнинг ҳар бир тумани бўйича ўрганиш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, хотин-қизлар бандлиги, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб бориш зарурлигини қайд этди.

—Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари энди йиғилишма-йиғилиш юрмайди, ўз участкасидаги аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу соҳадаги энг катта иллат - хотин-қизлар қўмиталари ўз ортидан ҳеч кимни эргаштиролмайди. Бунга барҳам берилсагина жамиятимиздаги маънавий муҳит ўзгаради, хотин-қизлар муаммолари камаяди, —деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, кўрсатилаётган тиббий хизматни, уй-жой шароитини яхшилаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. 

Юртбошимиз ташрифидан кейин “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган шаҳар ва 11 туман бўлимларига “Spark” русумли автомашиналар тортиқ қилинди. 

Оқилхон Дадабоев,

namnews.uz ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири.