2018-05-07 15:33:57

ҲОКИМ АРАЛАШГАЧ, “МАТБУОТЧИЛАР УЙИ” СОТИЛМАЙДИГАН БЎЛДИ

“Матбуотчилар уйи” аукциони тўхтатилгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Мазкур масала тафсилотларини Тошкент шаҳар ҳокимлиги uza.uz сайтига маълум қилди. 
“Тошбозорсавдо” уюшмаси “Ўзсаноатқурилиш” банкидан олинган кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди. 

2016 – 2017 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк”дан “Тошбозорсавдо” уюшмаси учун Тошкент шаҳридаги бозорларни реконструкция қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан пул маблағи олинган. Гаров таъминоти сифатида эса “Матбуотчилар уйи” кўрсатилган. Орадан бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан уюшма томонидан кредит қарзлари қопланмаган. Оқибатда “Матбуотчилар уйи” Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан аукционга қўйилади.

“Тошбозорсавдо” томонидан кредит қопланмаганлиги оқибатида шаҳар марказидаги журналистлар биноси ўз баҳосидан анча арзон миқдорда аукционга қўйилгани сайтимиз томонидан киноя билан “уюштирилган спектаклга” ўхшатилган эди. Мақолага Тошкент шаҳар ҳокимияти бефарқ бўлмади. 

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчиси мазкур иш ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганини ЎзАга маълум қилди. Эндиликда, “Тошбозорсавдо” банкга кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди. 

“Матбуотчилар уйи” кредит гаров таъминоти сифатида бекор қилинган. “Матбуотчилар уйи” журналистларда, яъни аввалгидек, Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфида (балансида) қолган. Марказий газеталар бошқа манзилга кўчирилмайди.

Жамоатчилик эътиборидаги “Матбуотчилар уйи” саъй-ҳаракатлар ва адолатли ечим туфайли сақланиб қолинди. Фикримизча, эндиликда шаҳар ҳокимияти абгор аҳволга келиб қолган “Газета корпуси”ини шундай абгор ҳолатида қолдирмайди. Ушбу бинони замонавий кўринишга келтирилиб, барча қулайлик ва имкониятларга эга матбуотчилар уйига айлантирса мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

ЎзАолган сурат.