2018-05-07 17:14:58

ЧИРЧИҚДА БАЙРАМГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Чирчиқ шаҳридаги Чирчиқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Инсон қадри улуғ — хотира муқаддас” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳамда  “Миллий такланиш” демократик партияси Чирчиқ шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда коллежда таҳсил олаётган ўқувчилар, устоз-мураббийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этишди. Тадбирда сўз олган коллеж директори Олимжон Муқимов, “Адолат” СДПнинг Чирчиқ шаҳар кенгаши ходими Ҳусан Жомуродов, “Миллий тикланиш” демократик партияси Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси Хислат Холмуродовлар тадбир иштирокчиларини қутлар экан, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз учун иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган минглаб ватандошларимизнинг мардлиги ва жасорати, фронт ортидаги кўрсатган матонатлари ҳақида гапириб ўтишди.

Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Дастлаб  иккинчи жаҳон уруши йилларига мансуб қисқа метражли фильм намойиш этилди. Коллеж ўқувчилари томонидан иккинчи жаҳон уруш йилларига оид театрлаштирилган саҳна кўринишлари, Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлари ва шеърлари байрам тадбирига йиғилганлар қалбига ўзгача руҳ бағишлади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”