2018-05-07 18:17:28

ДАСТУРИЛАМАЛ ҲУЖЖАТ — КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР САРИ

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга қилган таҳлилий ҳисобот тарзидаги Мурожаатномаси, таъбир жоиз бўлса, юртимизда инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устун эканини яна бир карра исботлаб берди.

Чунки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган
2017 йил жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларга гувоҳ бўлдик. Ушбу ислоҳотларнинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда.

Мурожаатномада эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ислоҳотларда ННТларнинг ўрни ва роли беқиёс экани таъкидланди.

ННТларга бўлган эътибор натижасида ўрни ва нуфузи ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш ва барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳатлардаги иштироки сезиларли даражада ошди.

Мисол тариқасида, мустақилликка эришган дастлабки даврда Республикамизда 100 тага яқин ННТ фаолият кўрсатиб келган бўлса, бугун кунда юртимизда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Аммо ана шундай муҳим саъй-ҳаракатларга қарамасдан, аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этишда ННТлар иштироки етарли даражада сезилмаётганлиги,улар фақат номига йиғилишлар ўтказиш билан машғул бўлиб қолаётганлиги ҳақида Президентимиз Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида танқидий фикрлар билдирди.

Дарҳақиқат, сўнги вақтларда ННТларнинг иши асосан тарғибот-маърифий тусдаги тадбирларни ўтказиш билан чекланиб, амалий вазифалар билан шуғулланиш, аниқ муаммоларни ҳал этиш каби долзарб масалаларга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганига қарамасдан, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда ННТларнинг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Шулардан келиб чиқиб, ижтимоий тузилмалар билан амалий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилишини айтиб ўтдилар.Мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ана шундай кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда улкан имконият бўлган яна бир тарихий дастуриламал ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур фармон ННТ вакиллари томонидан кўпдан бери кутилган тарихий ҳужжат бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Эндилик Фуқаролик жамиятини институтларининг барча вакиллари ушбу ҳужжат асосида яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, юртимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар, деган умиддамиз.

Иззатилло ХОДЖАЕВ,

ЎзННТМА

ижроия аппарати гуруҳ раҳбари