2018-05-07 18:21:31

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ — ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ

Давлатимиз раҳбари фармони билан Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаш ташкил этилмоқда. Давлатнинг ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида уларнинг юқори даражадаги тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш унинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Мазкур Кенгаш эндиликда ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганади.

2018 йил 1 июндан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТларнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади.

Шунингдек, ННТнинг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади. Илгари ННТнинг  ҳисоб варақларига четдан келаётган маблағлари мажбурий тарзда Молия вазирлиги тизими орқали келиб тушар, бу эса ўз навбатида ННТ вакилини вақтини олиши ёки маълум бир сунъий тўсиқлар қўйилиши билан маблағ ўз вақтида тушмас эди. Эндиликда ушбу оворагарчилик олдини олиш орқали, ННТлари томонидан лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга, ўз лойиҳаси амалга ошириши, аҳолининг долзарб аҳамиятга эга бўлган масалаларни ечиш ва юртимиз иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшишига имкон беради.

Жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги ўрнатилди.

ННТларнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланиши ҳам фармон билан белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда ННТларининг энг долзарб муаммоларидан бири  бу иш жойи масаласидир. Кўп йиллардан бери ҳал этилмай келинаётган мазкур муаммо ҳам эндилик Фармон билан ўз ечимини топди.

Йил сўнггига қадар бутун республикада бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этилади. Бу эса фуқаролик жамияти институт вакилларини янада шижоат билан ишлашга, ўз эзгу мақсадларини амалга оширишга катта кўмак беради.

Шунингдек, ННТлар фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқиш ва сезиларли даражада қисқартириш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликлари ҳузурида фуқаролик жамияти институти вакилларини қўллаб-қувватлаш Фондлари ташкил этилади. Мазкур фондлар ҳудудлардаги ННТ вакиллари учун ижтимоий буюртма ва грант танловларини эълон қилади. Бу эса ҳудудий ННТларни ўз ҳудудларидан танловларда иштирок этишидан вақт ва маблағ тежаш имконини беради.

Хусусан, ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайганлиги, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмаслиги, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланганлиги, рўйхатдан ўтказишда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинганлиги, ННТ томонидан ҳисоботлар топшириш ва тадбирларни келишиш тартиблари осонлашганлиги, ННТ мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганда жавобгарлик чоралари енгиллашганлиги ва бошқа нормалар бунга яққол мисол бўла олади.

Шу билан бирга, ННТ фаолияти ва молиявий ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддасида белгиланган юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи қоида ННТларга жорий этилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу эса, ўз навбатида рўйхатдан ўтиб, кейинчалик маълум иқтисодий сабабларга кўра вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ННТларни тугатилиши талаби мавжудлиги сабабли нодавлат нотижорат ташкилотларининг сонини камайиши мумкинлиги ҳолатларига чек қўйилди.

Эндиликда, Президент ҳузурида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилиши соҳадаги муаммоларни самарали ечишга катта имкониятлар очиб беради. Шунингдек, ННТ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамиятдаги мавқеини юксалтиришга хизмат қилади.

Иззатилло ХОДЖАЕВ,

ЎзННТМА

ижроия аппарати гуруҳ раҳбари

(“Туркистон-пресс”).