2013-09-27 12:37:00

“ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОШКЕНТ ХОТИРАМИЗДА БИР УМРГА МУҲРЛАНИБ ҚОЛАДИ”

Ҳар жабҳада янги-янги зафар марраларини забт этаётган мамлакатимиз жаҳон жамоатчилигининг диққат-марказида турибди. Юртимиз туризм салоҳиятининг йилдан-йилга ўсаётгани ана шу эътибор натижасидир. Дунёнинг у ёки бу мамлакатидан ҳар куни Ватанимизга ташриф буюраётган, оламшумул ўзгариш ва янгиланишларни ўз кўзи билан кўриш иштиёқидаги сайёҳлар сони тобора ортиб бораётир.

Айни кунларда ҳам пойтахтимизнинг обод кўчалари, сўлим хиёбонлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари юзлаб хорижлик меҳмонлар билан гавжум. “Туркистон-пресс” мухбирлариулар билан яқиндан суҳбатлашиб, сайёҳларнинг таассуротлари билан қизиқишди.

Kристоф Мунц, Германия:

— Бугун саёҳатимнинг иккинчи куни бўлса-да, таассуротларим бир олам. Таъкидлаб ўтишим керакки, шу пайтгача юртингиз одамларидек меҳмондўст, самимий, очиқ чеҳрали кишиларни кўрмагандим.

Менга яна чор атрофнинг яшиллиги, турли-туман дарахт­ларнинг кўплиги жуда ёқди. Ҳамма жойда ям-яшил дарахт­лар, қийғос очилган гуллар, бир сўз билан айтганда, Тошкентнинг ўзига хос чиройли ландшафт дизайни мени ҳайрон қолдирди. Айниқса, Ҳазрати Имом мажмуасида бўлганимда, юракдан яйрадим. Жуда файзли маскан экан.

Дарвоқе, ўтган ой Мадрид ва Лионда ҳам бўлгандим. Тошкентга келиб ҳам адашмабман. Пойтахтингиз дунёнинг энг гўзал шаҳарлари билан бемалол беллаша олади.

Сунг Нам Жин, Жанубий Корея:

— Ўзбекистонга келганимдаёқ ўзгача илиқлик сездим. Бу, аввало, халқингизнинг  дўс­тона муносабати туфайлидир.

Мен ўзимни худди Кореядагидек ҳис қиляпман. Юртингиз табиати, иқлими жуда ёқимли, худди бизнинг юртдагидек. Айниқса, миллий таомларингизни еб тўймайди киши. Меваларингизга-ку, гап йўқ!

Мен қўлда ясалган буюмларга қизиқаман. Мана ҳозир хиёбон сайилгоҳида нафис ишланган тақинчоқларни катта қизиқиш билан томоша қиляпман. Бу тақинчоқлардан совға сифатида кореялик дўстларим учун ҳам сотиб олдим.

Анас Ҳмоуд, Жазоир:

— Мен иқтисодчиман. Юртингизга халқаро конференцияда қатнашиш учун келдик. Биз тадбиркорларингиз билан мулоқот олиб бордик. Ўрганишга арзигулик ютуқларингиз жуда кўпэкан.

Бўш вақтимда шаҳар кезиб, маза қиляпман. Ҳақиқий ҳордиқ чиқариш бўляпти. Кўриб турибман, юртдошларингиз хурсанд, ҳаётдан мамнун, айниқса, болакайларнинг қувончлари ичига сиғмаяпти. Бу юртингиздаги тинч­лик ва тўкинликдан нишона. Ўзбекистон ва Тошкент бизнинг хотирамизда бир умрга муҳрланиб қолади.

Маҳендр ва Сумана Сингх, Ҳиндистон:

— Биз куз фаслининг биринчи ойида дунё бўйлаб саёҳатга чиқишга одатланганмиз. Бу гал эр-хотин қаерга бориш тўғрисида иккиланиб тургандик, ўн икки ёшли қизимиз Лалита глобусни айлантирди-ю, кўрсаткич бармоғини дуч келган жойга қўйди. Қарасак, Ўзбекистон. Қарабсизки, Бобуршоҳ юртига келиб қолдик.

Биз аввалроқ юртингиз ҳақида эшитгандик. Интернет орқали “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида ҳиндистонлик санъаткорларнинг ғолиб бўлганини ҳам билиб олдик. Аммо билганларимиз жуда кам эди. Бизга Ажуманлар саройи ва Темурийлар тарихи давлат музейи бинолари архитектураси жуда ёқди. Ёдимизда қолган яна бир воқеа бир ёш йигитнинг биз билан соф ҳиндча суҳбатлашгани бўлди. Қувониб кетдик ва юртингиз ёшларига ҳурматимиз янада ошди.

Сайёҳларнинг дил сўзларини

“Туркистон-пресс” мухбирлари

Сирожиддин СОТВОЛДИЕВ

ва Адолат НУРИЛЛАЕВА ёзиб олди.