2018-05-08 15:32:55

ПОЙТАХТДА ДАРАХТЛАРНИ АЁВСИЗ КЕСИБ ТАШЛАШ ОЛДИ ОЛИНАДИ

Бир неча ўн йиллик соғлом ва Тошкент шаҳри чиройига чирой бағишлаб турган дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётганига кескин барҳам бериш мақсадида масъул бошқарма ва ташкилотлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилади, жавобгарликкача тортиш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт аҳолисига ушбу тартибсизликларга уч кун ичида барҳам берилиши ва бундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилишини шахсан ўзи назоратга олишини билдирди.

Ҳокимият фуқароларни бирор жойда дарахт кесилаётганда бефарқ бўлмасликка чақириб, бунинг олдини олиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишонч телефонига (277−75−43) ёки ички ишлар идораларига (233−72−33) қўнғироқ қилишни сўради.

«Бу билан сиз халқимизга тегишли бўлган бойликни талон-тарож қилинишини олдини олган бўласиз! Ҳурматли ҳамшаҳарлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги сизларни ушбу ишларда фаол бўлишингизни сўрайди», — дейилади хабарда.