2018-05-08 15:42:38

ТУРОБЖОН ЖЎРАЕВ ФАХРИЙЛАРГА ПРЕЗИДЕНТИМИЗ СОВҒАЛАРИНИ ТОПШИРДИ

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг хонадонларига бориб, Президент  совғаларини топширди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилаётган Галина Журавлёва урушнинг оғир дамларини бошидан кечирган миллионлаб инсонларнинг бири. Галина опа фашизмга қарши курашда алоқачи сифатида хизмат қилиб, эришилган ғалабага  ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Унинг кўрсатган мардлиги кўксини орден ва медалларга тўлдириб турибди.

Вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ёшлар онахоннинг хонадонига ташриф буюришиб, у кишига давлатимиз раҳбарининг байрам совғаларини топширди. Вилоят ҳокими Президентимизнинг Галина Журавлёвага йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шаҳарнинг “Марҳабо” маҳалласида умргузаронлик қилаётган 92 ёшли  Евгений Солдатов ҳаётининг ширин дамлари уруш йилларига тўғри келди.   Қонли жанггоҳларда фашистларга қарши курашди. Бугун ўша дамларни у аччиқ хотиралар билан ёдга олади.

Т.Жўраев Евгений Солдатовга ҳам Президент совғаларини топшириб, байрам табригини ўқиб берди.

Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас. Юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида кўрсатган жасорати эса ҳар қанча эъзозга муносиб. Иккинчи жаҳон урушининг суронли жанггоҳларидан омон қайтиб, юртимиз тараққиётига фидокорона меҳнат қилиб, айни чоғда давлатимиз эътиборида умргузаронлик қилаётган ота-боболаримизнинг кўрсатган жасорати ана шундай таърифга муносиб.

“Туркистон-пресс”