2018-05-08 16:35:25

ЭҲТИРОМДАН КЎНГЛИ ШОД НУРОНИЙЛАР!

Шаҳрисабз туманидаги Аччиғи маҳалла фуқаролар йиғини Чақар қишлоғида яшовчи 102 ёшли Бобоқул бобо Авлоқулов Иккинчи жаҳон урушида Украинанинг Харьков, Львов, Чехиянинг Прага шаҳарларида фашистларга қарши оловли жангларда иштирок этган.

Отахон ўша машъум кунлар хотирини асло ёдидан чиқармайди. Урушдан кейин ҳам халқимиз ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирди. Бобоқул бобо ҳаётда кўрган-кечирган қийинчиликларни ёшларга ҳикоя қилиб берар экан, уларни бугунги тинч ва осойишта, доруламон кунларнинг қадрига етишни, яхши ўқиб она Ватанга хизмат қилишни доимо таъкидлайди.

Бир умр ҳалол меҳнат қилиб яшаган отахон ёшларни ҳам ҳалол меҳнат қилишга чақиради. Отахон 102 ёшга қадам қўйган бўлса-да, бугун ҳам асаларичилик билан шуғулланади.

Яқинда Ўзбекистон ХДП Шаҳрисабз туман кенгаши масъул ходимлари Бобоқул бобо Авлоқулов хонадонида бўлиб, отахонни байрам билан самимий қутлашди.

Отахоннинг эҳтиромдан кўнгли шод бўлиб, Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлигидан миннатдорлигини яширмади.

 

“Туркистон-пресс”