2018-05-10 13:55:00

ПАРКЕНТДА БЕЛБОҒЛИ КУРАШ БЎЙИЧА КАТТА СПОРТ БАЙРАМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Паркент туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган бу йилги  белбоғли кураш бўйича анъанавий Республика очиқ турнири ҳар қачонгидан-да кўтаринки кайфиятда ўтди, спорт байрамига айланиб кетди.

9 май.  Эрта тонг. Ҳали кекса Қуёш ўз “сандиғи”дан кўтарилиб улгурмай, офтоб заминни  қиздирмасдан бурун Тошкент вилоятининг энг сўлим ҳудудларидан бўлмиш Паркент тумани марказий кўчалари бўйлаб белбоғли кураш шайдоларининг кураш аренаси томон  ошиқаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди. Чунки ўша куни туман истироҳат боғи марказида шундаям кураш мусобақаси бўлдики, унинг ошнолари, мухлислари айлана шаклидаги очиқ аренага ҳатто сиғмай қолди. Бу курашнинг номи — белбоғли кураш, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, бу бизнинг миллий спорт туримиз саналади.

Ҳар йили ҳам шундай бўлади. Ҳар йили ҳам мухлислар ўз полвони кураш тушиб, рақибини белидан даст  кўтарган ҳолда айлантириб йиқитса, олқишлашини кўринг. Бу йил ҳам шундай бўлди. Жорий йил ҳам, айниқса, паркентликлар мезбон полвонларнинг ҳар бир чиқишини зўр иштиёқ ва қизиқиш билан кутиб олишди. Агар илк бор бу ҳолатни кузатган киши гўёки футбол бўйича нуфузли беллашувга гувоҳ бўлгандай сезади ўзини.

 Муболаға эмас, рости худди футболдаги сингари кураш бошланмай туриб арена мухлислар билан тўлиб тошди. Ҳатто кураш аренасига сиғмай қолган кўплаб мухлислар  боғнинг бир четида ўрнатилган манитор орқали кураш жараёнларини кузатиб боришганига нима дейсиз? Қўшни Тожикистон Республикасидан келган йигирмадан ортиқ полвонларнинг  иштироки  турнирни янада қизиқарли, чиройли  ва шиддатли ўтишини таъминлади.

Дастлаб турнирнинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Маросимда сўз олган Паркент тумани ҳокими Неъматжон Абдуллаев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ва бошқалар минг йиллардан бери миллатимизнинг шаъни, ғурури бўлиб келган миллий спорт турларимиз, хусусан, белбоғли кураш Мустақиллик йилларида янада ривож топаётганлиги, анъана ва қадриятларимизнинг нақадар теран илдизларга эга эканлигидан дарак беришини таъкидлаб ўтишди, ўтмишда паркентлик кураги ер кўрмаган номдор полвонлар  ёдга олинди.Турнирда иштирок этаётган барча полвонларга омад ёр бўлишини тилашди.  Мадҳиямиз садолари янграгач, кураш бошланди.     200 нафардан ортиқ полвонлар шу куни ўнта   вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.  Куннинг биринчи ярмида барча вазн тоифаларида ярим финалгача бўлган босқичлар бўлиб ўтди.  Тушлик туфайли танафусдан сўнг  мухлисларнинг олқишидан, қўллаб-қувватлаб туришидан руҳланган мусобақа иштирокчиларининг кучига куч қўшилди, десак мубалаға бўлмас.

 Паркент ва Пискент туманлари  полвонларининг бир-бирига асосий рақиб бўлиши   натижасида кўпчилик  Тошкент вилояти спортчилари  ғолибликни тантана қилишди. Бироқ водий вилоятлари, Тожикистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро, Сирдарё каби вилоят  полвонлари ҳам мезбонларга етарлича қаршилик кўрсатиб, кучли учликдан муносиб жой олишга эришди.  Байрамона тарзда ўтган  беллашувларнинг сўнггида натижалар қуйидагича кўриниш олди:

Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари:

-45 кг.: 1.Ҳусан Азимов (РОЗК), 2. Ортиқ Анборбоев (РОЗК), 3. Салим Тўхтамуродов (Чирчиқ ОЗК), 3. Бунёд Абдуқаҳҳаров (РОЗК).

-50 кг.: 1. Дониёр Абдураҳмонов (Паркент т.), 2. Ҳасан Азимов (РОЗК), 3. Жасур Шодмонов (Паркент т.), 3. Рустам Усмонов (Паркент т.).

-55 кг.: 1. Достон Суюнов (Олмалиқ ш.), 2. Носир Ҳусанбоев (Андижон), 3. Халил Рисқибоев (Паркент .),  3. Шаҳзод Абдураҳмонов (Паркент .)

 -60 кг.: 1. Бекзод Абдураҳмонов (Паркент т.), 2. Мардон Кимсанбоев (Тошкент ш.), 3. Файзулла Умматов (Сирдарё), 3. Ҳамроз Холдоров (Паркент т.).

- 66 кг.: 1. Зуфар Рисқибоев (Паркент т.), 2. Имомали Умрзоқов (Тошкент ш.), 3. Шаҳриддин Хайриддинов (Чирчиқ ОЗК), 3. Отабек Умрбоев (Сирдарё).

-73  кг.: 1. Илҳомжон Машрабов (Андижон), 2. Сардор Тўлаев (Чирчиқ ОЗК), 3. Диёр Мақсудов (Чирчиқ ОЗК), 3. Бобур Маҳаматов (Паркент т.).

+81 кг.: 1. Шоҳжаҳон Ортиқов (Сирдарё), 2. Элдор Неъматов (Тошкент в.), 3. Нодир Аҳатжонов (РОЗК), 3. Фаррухжон Абдуллаев (Навоий).

-90кг. : 1. Рустам Умаров (Наманган), 2. Шаҳбоз Эргашев (Чирчиқ ОЗК), 3. Элёр Эрданов (Навоий), 3. Умиджон Холматов (Тошкент ш.).

-100 кг.: 1. Аъзамжон Анваржонов (Андижон), 2. Нуриддин Маҳаматов (Паркент т.), 3. Бахтиёр Жумабоев (Сирдарё), 3. Сардор Назаров (Тошкент в.).

+100.: 1. Бобур Тўхтасинов (Фарғона), 2. Ғолиб Аҳмедов (Пискент т.), 3. Ҳислат Пирматов (Паркент т.), 3. Бобомурод Шодиев (Бухоро).

Кучли учликни эгаллаган полвонлар турнир ташкилотчилари томонидан медаль, диплом,  пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

— Бугун мамлакатимизда барча соҳалар каби жисмоний тарбия ва спортга берилаётган юксак эътибор натижасида оммавийлик таъминланмоқда, иқтидорли спортчи-ёшлар сони кўпаймоқда, — дейди турнир бош ҳаками, белбоғли кураш бўйича ёшлар миллий терма жамоаси бош мураббийси Усмон Маҳаматов.  — Анъанавий тарзда ўтказилаётган бугунги турнирда иқтидорли полвонларни кузатиш мумкин. Албатта, бундай спорт байрамига айланган беллашувни ташкил этишда яқиндан кўмак берган туман ҳокимлигига, ҳомийларга, барча белбоғли курашни яхши кўрувчи паркентликларга, Тошкент вилояти белбоғли кураш федерациясига полвонларимиз номидан раҳмат айтмоқчиман.   Бундай турнир ва мусобақалар терма жамоамизга кучлиларни саралаб беришда хизмат қилади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”

SPORTS.UZ олган суратлар.