2018-05-10 14:10:50

ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИДА ГУЛРУҲБЕГИМ ТОҲИРЖОНОВА ЯККА ПЕШҚАДАМ!

Шу кунларда пойтахтимизда шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида мамлакат чемпионати олий лига баҳслари давом этмоқда.

Айлана тарзда ўтказилаётган хотин-қиз шахматчилар мусобақасида икки халқаро гроссмейстер —Гулруҳбегим Тоҳиржонова (2349, чемпионатнинг биринчи рақамли иштирокчиси) ва Сарвиноз Қурбонбоева (2219) ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида эътироф этиляпти. 

Еттинчи турда ҳар икки шахматчи ғалабага эришди. Фақат фарқи — Тоҳиржонова партия ўтказмай туриб бир очкони қўлга киритди. Унинг рақибаси Шаҳзода Шермуҳаммадовага техник мағлубият ёзилди. Қурбонбоева эса оқ доналарда ҳаракат қилиб, Баҳора Абдусатторовани таслим этди. 

Бу турда Ирина Геворгян Нилуфар Ёқуббоева билан муросага келди. Амалдаги мамлакат чемпиони Нодира Нодиржонова эса қора доналарда ўйнаб, Севара Боймуродовага имкониятни бой бериб қўйди. Саккизинчи тур олдидан Тоҳиржонова 7 имкониятдан 6,5 очко жамғариб, якка пешқадам бўлиб турибди. Кучли тўртликдан жой олган Ирина Геворгян, Нодира Нодижонова ва Сарвиноз Қурбонбоева ҳисобида 5тадан очко бор. 

“Туркистон-пресс”